ХХ асрнинг 80-йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида рўй берган воқеалар «пахта иши» сифатида тарихга кирди, сўнг эса улар «ўзбек иши» деб номланди. Ўшанда бутун собиқ иттифоқ ҳудудини қамраб олган инқироз ҳолатлари шу даврда ҳукмронлиқ қилган тузум билан эмас, жамиятда чуқур илдиз отган турли қўшиб ёзишлар ва порахўрлик билан боғлиқ, дея ҳисобланарди. Собиқ иттифоқ Фанлар академияси олимлари томонидан ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, қўшиб ёзишлар мамлакатда барча ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг 3% ини ташкил қилган. Маҳсулот етказиб бериш соҳаларида эса бу рақамлар 5 дан 25% гача ташкил қилган. Шунга ўхшаш вазият барча иттифоқдош республикаларда кузатилган. Масалан, 1977 йилда Белоруссия ССР да қўшиб ёзишлар учун жиноий жавобгарликка 1075 киши тортилган. Аниқланишича, Тожикистон ССР Ленинобод вилоятида 1983–1984 йилларда қўшиб ёзишлар ҳажми 700 минг рублни ташкил қилган. Озарбайжон ССР да эса фақат 1983 йилнинг ўзида 667 саноат корхоналари ва қурилиш ташкилотларида қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган. Молдавияда қўшиб ёзишларга дахлдор мансабдор шахслар юқори раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келган. Лекин мамлакат иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг барча нуқсонлари ва салбий томонларининг асл моҳияти фош этилмаган. Улар маҳаллий кадрлар фаолияти билан боғлиқ бўлган миллий, минтақавий хусусият сифатида баҳоланган. Ушбу аҳвол хизмат ҳолатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик ва қўшиб ёзишлар гуллаб кетишига олиб келган асосий омиллар сифатида кўриб чиқилди.

Пахта даласидаПахта даласида

1982 йилнинг ноябрь ойида Л. И. Брежневнинг вафотидан кейин собиқ Иттифоқ Коммунистик партияси Марказий кенгаши Бош котиби лавозимини эгаллаган Ю. В. Андропов кадрлар сиёсатининг қатъий тарафдори сифатида ўзини кўрсатди. У коррупцияга қарши курашишни Брежнев ҳаётининг охирги ойларидаёқ бошлаган эди. Партия ва давлат раҳбарига айланганидан кейин эса у мамлакатда ўзи тушунганича барчасини «тартибга келтириш» бўйича мислсиз кампанияни бошлаб юборди. Шунда Андропов партиявий-сиёсий курашни партия ва давлат аппаратида коррупцияни текшириш бўйича доимий тергов олиб боришни режалаштиргандек туюлди. Бутун партия номенклатурасига сабоқ бериш ниятида, у миллий республикалардан биронтасида партиянинг марказий аппарати ва иттифоқдош республикалар ҳукуматларидаги юқори лавозимли мансабдорлар изига олиб чиқадиган йирик ва айни пайтда кўргазмали жиноий ишни ташкил қилишга қарор қилди. Бундай режани амалга ошириш учун Ўзбекистон танланди.

Ш. Рашидов (пахта иши)

Собиқ Иттифоқ Коммунистик партияси Марказий Кенгаши Бош котиби Ю. В. Андропов 1983 йилнинг июнь ойида собиқ Иттифоқ Коммунистик партияси Марказий Кенгаши Пленумидаги маърузасида мамлакатга юзага келаётган инқироз сабабларини айрим мансабдор шахсларнинг шахсий хатолари ва камчиликларида излаш лозимлиги ҳақида баён қилганлиги «кадрлар инқилобини» бошлашга туртки берди. Совет давлати мавжуд бўлган барча даврларда иттифоқдош ва автоном республикаларни, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини бошқариш асосан маҳаллий раҳбар кадрлар зиммасига юклатилган эди, бироқ уларнинг фаолияти партия, иттифоқ ҳукумати билан чамбарчас боғлиқ бўлган ва кадрлар устидан қатъий назорат ўрнатилган эди.

Ўзбекистон Коммунистик партияси шаҳар ва туман қўмиталари биринчи котибларининг семинари. 1982 йил. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи «пахта иши» деб номланган иш бўйича қатағон қилинди.Ўзбекистон Коммунистик партияси шаҳар ва туман қўмиталари биринчи котибларининг семинари. 1982 йил.
Уларнинг 70 фоиздан ортиғи «пахта иши» деб номланган иш бўйича қатағон қилинди.

Андропов сиёсатининг моҳияти миллий республикаларда ҳурмат қозонган маҳаллий раҳбарларни айблаш, уларнинг номини қоралаш ва улар ҳеч қандай ишни «уддалай олмайдиган» қилиб кўрсатишдан иборат бўлган. Шу боис Ўзбекистонда рўй берган салбий воқеаларнинг барчасини собиқ биринчи котибнинг номи ва фаолиятига боғлашган. Шу аснода москвалик ва маҳаллий сиёсий намояндаларнинг саъй-ҳаракатлари билан Рашидовнинг номи қаттиқ қораланган ва у барча даврлар ва халқларнинг энг салбий етакчиларидан бирига айлантирилган. Айнан ана шу даврда «шарофрашидовчилик» атамаси пайдо бўлган ва илк бор уни Шароф Рашидовнинг сафдошларидан бири айнан унинг ватанида, Шароф Рашидов чорак аср давомида раҳбарлик қилган Ўзбекистон Компартияси Марказий Кенгашининг XVI пленумида тилга олган. Қанчадир вақт давомида ушбу атама республика партия доираларида коррупцияни ифодаловчи сўзга айланди. Бу амалда “пахта иши”нинг бошланиши бўлди. Ўша вақтларда Хоразм вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган М. Худойберганов шундай деган: «Шароф Рашидов вафотидан сўнг республикада турли миш-мишлар кенг тарқалиб кетди. Уларнинг маъноси оддий халқ орасида ҳам, раҳбарлар доирасида ҳам бир хил бўлиб, тинч ишлашга имкон бермаган. Бундан ташқари, Москвадан комиссиялар тез-тез келадиган бўлиб қолди, текшир-текширлар бошланди. Тез орада ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётда марказ берган буйруқларнинг аянчли оқибатлари намоён бўла бошлади».

Шароф Рашидов пахта даласидаШароф Рашидов пахта даласида

Ўзбекистон тажрибали ва ташаббускор раҳбарсиз қолиб кетиб, Марказнинг «сиёсий ўйинлари» қурбонига айланди. Шароф Рашидовга қарши айбловлар давом этди.

Шароф Рашидов жонажон халқи орасидаШароф Рашидов жонажон халқи орасида

1983 йилда СССР Бош Прокурори А.М. Рекунковнинг буйруғига мувофиқ Ўзбекистонга СССР Прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчи Т. Гдлян бошчилигида мамлакатнинг турли минтақаларидан келган 200 кишидан иборат терговчилар гуруҳи жўнатилди. Ушбу гуруҳнинг асосий қисмини катта билим ва тажрибага эга бўлмаган, ноқонуний ҳаракатларга эътибор бермасликка уринган ва юқоридагиларнинг топшириқларини кўр-кўрона бажарадиган терговчилар ташкил этган. Лекин шунга қарамай, уларга катта ваколат ва имтиёзлар берилган. Шу дамдан бошлаб терговчилар гуруҳига ҳар қандай қаршилик кўрсатиш ЎзССР КП МК ХVI пленумининг қарорларига қарши чиқиш сифатида баҳолана бошланди, бу эса, ўз-ўзидан маълумки, катта нохушликларга олиб келиши турган гап эди. Гуруҳ аъзолари республикадаги фаолиятининг биринчи кунлариданоқ, «Ўзбекистонда ҳамма пора олади ва пора беради» деган ёлғон тамойилга асосланиб, қонун бузиш йўлига ўтиб олдилар ва тергов жараёнида туҳмат ва иғвогарчиликдан фойдаландилар, фактларни қалбакилаштирдилар, одамларни ёлғон кўрсатмалар беришга мажбурладилар ҳамда юқорида айтиб ўтилган тамойилдан айрим одамлардан ўч олиш қуроли сифатида фойдаландилар. Шундай ифлос йўллар орқали Марказ юборган терговчилар гуруҳи гувоҳлардан ўзи учун зарур бўлган маълумотларни қўлга киритган. Ноқонуний ҳибсга олинганлар орасида кўп фарзандли оналар, ҳомиладор аёллар ва болалар ҳам бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. «Оилавий қамоққа олиш»лар натижасида ушбу терговчилар гуруҳи республикада ваҳима ва қўрқинчга асосланган оғир руҳий муҳитни шакллантирган. Шу билан бирга мазкур терговчилар «шарофрашидовчилик»ка қарши муросасиз курашувчилар номига эга бўлганлар. Ўша вақтларда турли жиноятларда айбланган одамлардан олинган маълумотларга кўра, Гдлян ва Иванов ҳам Шароф Рашидовга қарши маълумотларни тўплашга ҳаракат қилганлар. Бу бежиз эмасди, чунки улар доимо Шароф Рашидовни порахўрликда айблаб келган эдилар, у «кадрларни танлаш ва тақсимлаш» сиёсатини нотўғри олиб борган, деб ҳисоблаган эдилар ва бундан ташқари ноқонуний тўпланган кўпгина ёлғон айбловларни унинг номи билан боғлаган эдилар.

Шароф Рашидовнинг номини қоралаш учун Т. Гдлян барча усулларни қўллаган. Терговчилар айби ҳали исботланмаган одамларни ҳақиқий жиноятчилар билан бир қамоқларда ушлаб турган, уларни шафқатсиз дўппослаган, руҳий қийноқларга солган, қўрқитган ва терговчилар томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган ҳужжатларни имзолашга мажбурлаганлар. Ўша даврдаги тергов ишлари айбловчи хусусиятга эга бўлган. Жисмоний ва руҳий азоблардан кейин одамлар ўз «айбини» тан олишга мажбур бўлардилар.

1989 йилда Т. Гдлян терговчилар гуруҳининг фаолиятини текшириш учун яратилган комиссиянинг ҳамраиси В. Илюхин қуйидагиларни ёзган: «Ш. Р. Рашидов вафот этгандан сўнг унга қўйилган айбларни тан олишига ҳам, рад этишига ҳам иложи бўлмаган. Лекин у ҳозир тирик бўлган тақдирда ҳам, Ўзбекистонда жиноятлар аниқланган бўлишига қарамасдан, Т. Гдлян уни айблай олмасди. Ана шу “қаҳрамон-терговчилар”нинг қўлида ўшанда ҳам Ш. Рашидовга қарши аниқ фактлар мавжуд бўлмаган».

Ш. Рашидов (пахта иши)

Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиқиб, ХХ асрнинг 80-йилларида қўшимча ёзишлар, порахўрлик, ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари барча иттифоқдош республикаларда гуллаган, деган хулоса қилиш мумкин. Бундан ташқари, ушбу нуқсонлар нафақат маҳаллий раҳбар кадрлар қилган хатолари, балки аввалги йилларда мамлакатда шаклланган маъмурий-қўмондонлик тизим натижаси бўлган. Ташкил қилинган «пахта иши» эса халқ эътиборини кучайиб бораётган иқтисодий инқирозлардан чалғитиш усули бўлган холос. Аслида ҳамшундай бўлган, бутун мамлакат Ўзбекистонда рўй берган «катта ўғирлик» ва «порахўрлик»ни муҳокама қилган. Гдлян гуруҳи томонидан ташкил этилган митинг ва намойишлар бутун мамлакатнинг диққат марказида бўлган. Натижада «турли миллат халқларининг бузилмас иттифоқи» асосида яратилган улкан давлатда «дўстлик ва биродарлик» буткул унутиб юборилган ва бутун ўзбек халқига «боқиманда» деган номни ёпиштиришга ҳаракат қилинган. Бутун бир миллатни айблаган сиёсий раҳбарият «пахта иши»ни «ўзбек ишига» айлантирди. Ўзбекистонда «пахта иши» мустақил тергов қилина бошланганда эса марказ барча тергов материалларини маҳаллий раҳбарларга топширишни истамади ва тергов ишларига халақит бериш, чиндан айбдор шахсларни бекитиш, барча айбни ўзбек халқига тўнкашга уринди.