Жиззах халқи советлар даврида собиқ Марказ томонидан ўйлаб чиқарилган «пахта иши», «ўзбеклар иши», «рашидовчилик» деган туҳмат ва маломатларга дуч келганини ва буларнинг барчаси оддий, бегуноҳ одамлар елкасига оғир юк бўлиб тушганини бугун ҳам изтироб билан эслаймиз.

Айниқса, Ўзбекистонни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқарган, юртимиз шаънига ҳам, ўз номига ҳам гард юқтирмасдан ўтган камтарин ва донишманд давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг шахсига нисбатан турли бўҳтонлар уюштирилганида ҳам бундай ноҳақликдан юракбағри эзилган, лекин унга бош эгмаган Жиззах элининг сабр-бардоши ва матонати олдида таъзим қилсак, арзийди.

Маълумки, Шароф Рашидов республикага қарийб чорак аср етакчилик қилди. Ўтмишни яширишнинг ҳожати йўқ. Шароф Рашидов ўз даврининг фарзанди эди, у мавжуд тузумга садоқат билан хизмат қилди. Аммо бедодликни қарангки, шундай одам дунёдан кўз юмганида ўзи умр бўйи ҳимоя қилган, содиқ бўлиб хизмат қилган тузум унга хиёнат қилди. Мисли кўрилмаган шаккоклик билан унинг хотирасини таҳқирлаб, жасадини кўчирдилар, оила аъзолари ва қариндош-уруғларини таъқиб этдилар. «Рашидовчилик» деган сохта иборани ўйлаб топиб, унинг хотирасини ёмонотлиқ қилдилар.

Ўйлаб қоласан киши, дунёда шунақаям адолатсизлик бўладими?! Инсон тирик пайтида уни кўкларга кўтариб, вафотидан кейин ер билан яксон этса, қадрини беобрў қилса, бу ўзи қандай давлат, қандай жамият бўлади?

Лекин, тарих гувоҳ, ҳаётда шундай адолатсизликлар ҳам бўлар экан. Агар ҳар бир халқ, ҳар бир давлат мустақил бўлмаса, бошқалар унинг нафақат деҳқонини, нафақат ишчисини, ҳаттоки шоиру олимини ҳам, давлат арбобини ҳам истаганича таҳқирлаш, инсоний шаънини тупроққа қориши мумкин экан. Биз яқин тарихимизда кечган ана шундай аянчли воқеалар мисолида мустақиллигимизнинг аҳамияти ва моҳиятини, қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт...

Барчангиз яхши эслайсиз, муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан истиқлолга эришганимизнинг иккинчи йили Шароф Рашидовнинг номи тўла-тўкис оқланди. Ўша йили у кишининг 75 йиллиги юртимизда кенг нишонланди.

Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

“Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”

 

Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва жамоатчилик вакилларининг халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани маълумот учун қабул қилинсин.

3. Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ушбу режада:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш;

халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” китобини;

Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда “Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

мамлакатимиздаги олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида хотира тадбирлари ташкил этиш;

2017 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказиш тадбирлари назарда тутилсин.

5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 март

 

Шароф Рашидов, 100 йиллигини нишонлаш

Шароф Рашидов, 100 йиллигини нишонлаш

Шароф Рашидов, 100 йиллигини нишонлаш